Андижон 24

11 МИЛЛИОН 150 МИНГ СЎМ ЖАРИМА ТЎЛАМАСЛИК УЧУН...


22.04.2020   1737

Коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз узра соя солаётгани бутун халқни карантин ўчоғига ташлади. Муҳтарам Президентимиз томонидан халқ саломатлиги, хавфсизлиги йўлида эълон қилинган карантин барчани ҳушёрликка чорламоқда. Демак, бу шунчаки шамоллаш, тумов хасталиги эмас, унинг дастидан ёшу кекса азият чекиши мумкин. У ёш ҳам, ирқ ҳам, миллат ҳам, жинс ҳам танламаяпти...

Тасаввур қилинг, касалланганларнинг яқинлари, оиласи ёнида бўлолмайди, қўлидан тутолмайди, бағрига маҳкам босолмайди... Ҳимоя кийимлари, ниқоблари ортида фақат шифокорлар бор. Коронавирусга чалинганлар уларни кўришга, улардан яқинларидек меҳр кутишга мажбур... Энг аянчлиси, унинг ортидан келадиган ўлим даҳшати. Маҳалла-кўй тугул оила аъзолари ҳам жанозада иштирок этолмаётгани кўнгилни эзади.

Шулардан тўғри хулоса чиқариш керак. Айтилган, белгиланган карантинга риоя қилиш зарур. Аммо карантинни бузиш ҳолатлари тўғрисида эшитаётганимиз ачинарли. Бироқ зарурият юзасидан эмас, шунчаки уйда қолиб зериккани учун кўчага чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Аҳоли саломатлиги, тинчлиги, хотиржамлиги учун туну кун меҳнат қилаётган тиббиёт, ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаслиги керак бўлган бир вақтда айрим юртдошларимизнинг сабабсиз кўча кезишлари, йўлаклар четларида ўтирволиб хаёл суришлари ёхуд телефон ўйнашлари таажжубланарли, албатта. Қонун нуқтаи назаридан фуқаролар карантин тадбирлари ва санитария қоидаларинибузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва Макъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жаримага тортиладилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмида белгиланганидек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш тегишли равишда жавобгарликка тортилишига олиб келади.

Масалан, айни вазиятда карантин талабларини, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузаётган шахслар (одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса) 11 миллион 150 минг сўмдан 22 миллион 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш жоиз. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият халқни машаққатли бир паллага олиб келгани анив. Бироқ айни шароитда аҳолини янада саросимага солиш мақсадида ваҳима тарқатганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган. Масалан, бундай ҳолатлар учун 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача жарима тўлаш ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Аҳоли орасида ваҳима чақиришга қаратилган материалларни тайёрлаш ва уларни тарқатиш мақсадида сақлаш ҳамда ҳар қандай шаклда тарқатиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқорида қайд этилган нохуш ҳолатларга тушиб қолмаслик ўз қўлимизда. Синовли кунларни биргаликда енгиш учун бир-биримизга кўмаклашмоғимиз зарур. Бунинг учун бир-биримизни асраш йўлида уйда қолиб карантин қоидаларига тўла амал қилайлик.

Аъзамжон ЭРКИНОВ,

Андижон вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.