ЖАМИЯТ

«109» СИНДРОМИ ЁХУД ҚУМУРСҚА ЯРАЛГАН ЁППА ТАЛАРГА...


16.08.2020   563

Ижтимоий тармоқларда ҳафтанинг муҳим кишиси

Устоз адиблардан бири амалда пайтида ТВдаги ёзишмалардан хуноб бўлиб, «... ўзи шу ташкилотнинг ҳудудини бир неча метр ковлаб тозалаш керак» деган экан. Бу қочирим «Ўзбеккино»га ҳам «ётади». Чунки «ёзди-чизди», раҳбар алмаштириш масаласида бу ташкилотнинг олдига тушадигани йўқ.

Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг айтишича, у 15 нафар раис билан ишлаган. Гап 30-40 йил ҳақида кетяпти. Ҳар икки-уч йилда битта раҳбар... Охирги катта ёзишма бундан бир неча ой илгари рўй берган. 109 нафар киши раҳбарнинг устидан Бош вазирга ёзган эди...

Натижа нима бўлди? Ҳеч нима! Бироқ ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар ва Зулфиқор аканинг суҳбатидан билинадики, сатҳ сокин бўлса-да, аммо тубда торпедолар «визиллаб» учиб турибди...

Мен Мусоқовнинг интервьюсини тўлиқ кўрдим. Нозим Сафарининг жавобиниям ўқидим... Битта нарса ҳақида икки хил фикрловчи одамлар мунозарасига ўхшатдим...

Мусоқов билан шахсан таниш эмасман. Лекин ижодидан хабардорман. Гап-сўзида «эга-кесим» жойида… Хуллас, уни зиёли ваўз касбининг профессионали сифатида биламан. Касбини, қолаверса, чин санъатни (биз яллачини ҳам санъаткор деявериб, шу сўзнинг маъносини ҳам ерга урвордик. Шунинг учун олдига «соф» сифатини қўшишга мажбур бўлдик) қадрлайдиган одам.

Лекин, кузатишимча, бизнинг жамиятда фавқулодда талант ва интеллектларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Адабиёт, мусиқа-ю рассомчилик, умуман, ижод аҳли орасида азалий бир тенденция бор. Бу худди эртаклардаги ёвузлик ва эзгуликнинг сўнмас курашига ўхшайди...

Бир ёрқин истеъдод кўп ҳолларда юзлаб истеъдодсиз, саводсиз ва андишасиз одамлар қўлида сўниши ёки шуларга қарши курашиб, истеъдоди-ю умрини хазон қилиши, ҳеч бўлмаганда, ҳаётнинг аччиқ ситамларини чекиши мумкин.

Бу гаплар фақат Зулфиқор Мусоқов ҳақида эмас, умуман, миллатнинг фавқулодда истеъдодлари, ҳассос зиёлиларига ҳам тааллуқли.

Даҳо шоир Рауф Парфи, таниқли театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев, бугун уйсизликдан кўчада қолиб, ётоқхоналарда ижарада яшаётган буюк мусаввир Исфандиёр Ҳайдар… Буларнинг айби истеъдодида. Улар ўз ишлари ва санъат ҳақида биздан бошқачароқ фикрлайди. Унинг соф бўлишини истайди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилади.

Эҳтимол, шу боис улар бетгачопар, «ҳамма нарсадан норози»дек кўринар?.. Яна билмадим. Билганим шуки, бизда истеъдодли одамларга гуруҳ бўлиб ташланиш тенденцияси гуллаб-яшнаяпти.

Очиғи, «109» синдроми ва киночиларнинг бўлишолмаётган масаласи мен учун қизиқ эмас. Зарур нарса шуки, биров ҳақида гап кетганда унга сиёсий айб қўйишдан уялайлик.

Кўп ҳолларда «Бичилган қул эгасининг асрори билан мақтанибди», дегани каби ўз даъволаримизни тасдиқлаш учун орага давлат ва халқ манфаатини қўшиб оламиз. Шундай қилмайлик.

«Ўзбеккино» ёки бош­­қа ташкилот ёмон, у ерда ўғрилик бўляпти», дегани Ватан ва халққа хиёнат эмас. Уни бундай шарҳламайлик. Ҳар нарсани ўз номи билан атайлик. Ана шунда ҳамма иш жойида бўлади.

Энди Зулфиқор Мусоқов ҳақида гапирадиган бўлсам, битта детал унга нисбатан ҳурматимни оширган. Айтишларича, бир-икки йил олдин юқори доиралардан режиссёрга бир ёзувчининг романлари асосида Темур ҳақида фильм суратга олиш таклифи тушади. У эса шартта «Мен ололмайман, кучим етмайди» деган. Агар рози бўлганида, у энг юксак мукофотларни олар, мўмайгина пул топар, давраларнинг тўри уники бўлар эди. (Ҳолбуки, бугун тарихий шахслар ҳақида «юмалоқ-ёстиқ», «бирров»лик фильмлар олиб, ҳам маблағни беҳуда совуриб, ҳам қаҳрамон аждодларимиз руҳини чирқиратиб юрган «даҳо» режиссиёрлар камми?).

Мусоқов шуни билмайди, деб ўйлайсизми? Билади, билгандаям жуда яхши билади! Фақат унинг ички «мен»и сиз-у бизникидан фарқ қилади. Санъатга, кинога хиёнат қилишга йўл бермайди. Эҳтимол, шу туйғу унинг ўзига ҳам халақит қилар, худди сиз-у бизга ҳозир ёқмаётгандек…

Айтмоқчи бўлган гапим жуда жўн: истеъдодларни, умуман, бир-биримизни – айбдорми, айбсизми, асрайлик! «Шайка» бўлиб талашиш тамойилидан воз кечайлик…

Шу ўринда буюк шоир Абдулла Ориповнинг машҳур сатрларини ёдга олиш жоиз:

Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,

Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.

Арслон чорлаганди қошига бизни,

Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.

Жами тирикликка таниш бу хатар,

Қумурсқа яралган ёппа таларга.

Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,

Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

Алқисса, ижодкорларнинг умри-ю истеъдодини «талаб битирадиган» талашиш-у ғийбатлардан қутулмас эканмиз, буюк асарларни кўролмаймиз. Ҳеч қурса, келажак авлод учун ҳам истеъдодларни асрайлик...

Холли НОРБОЕВ,

«ISHONCH»

Манба: UzA.