Жамият

100 ГА ЯҚИН ТУРДАГИ ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕКОР ҚИЛИНМОҚДА


24.09.2020   527

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларини такомиллаштириш борасида изчил ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 24 август куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони эса мазкур йўналишдаги яна бир мустаҳкам қадам бўлди, десак янглишмаймиз.

Мазкур фармонга кўра, Биринчи босқичда инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг сони қисқартирилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилиш амалиёти бекор қилинади ва мазкур жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш орқали маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилади.

Иккинчи босқичда эса лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва кодификациялаш амалга оширилади, давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари ва паспортларини ишлаб чиқилади.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб қарийб 100 та лицензияладиган фаолият турини ва рухсатномаларнинг 35 турини, шу жумладан аудиторлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти, автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятига лицензиялар бекор қилинади.

Шунингдек, хорижий ишчи кучларини жалб қилишга, тренерлик фаолиятига, спорт иншооти паспортига рухсатномаларни бекор қилиш кўзланмоқда. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллар ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий қилинади, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқаради.

Шунингдек, Фармон билан қуйидагиларни тақиқланади:

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари орасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайдиган бирон-бир фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун моҳиятан лицензиялаш ва рухсат бериш тартибини, шу жумладан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилиш заруратини жорий этишни назарда тутувчи алоҳида талаб ва мажбуриятларни белгилаш;

лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш.

Қайд этиш лозимки, Фармон билан Давлат хизматлари агентлиги «Лицензия» ахборот тизимини юритиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Агентликка лицензиялаш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ваколати берилди.

Фаррух ДЖАЛОЛОВ,

ДХА вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси