Андижон 24

10 НАФАР НАЗОРАТДАГИ ШАХСЛАР МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛДИ


15.04.2019   2188

Булоқбоши тумани ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ташаббуси билан Жиноят ишлари бўйича туман суди судьялари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда гуруҳ ҳисобида турувчи қилмишидан пушаймон бўлган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган, муқаддам судланган шахсларнинг иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Булоқбоши тумани Саноат маҳалласида яшовчи Илҳомжон Исмоилов бундан бир йил аввал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Андижон шаҳридаги савдо дўконларидан бирида ўғрилик қилаётганда қўлга олинади. Жиноят жазосиз қолмайди деганларидек, у Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2018 йил 10 июль кунги ҳукми билан, Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилади ва унга 2 йилга ойлик иш ҳақидан давлат фойдасига 20 фоиз миқдорида ушлаб қолиш шарти билан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

- Маҳкумнинг жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод қилишни сўраб қилган мурожаатига кўра пробация гуруҳи аъзолари томонидан текширув ишлари олибборилди, - дейди Булоқбоши туман ИИБ пробация гуруҳи катта инспектори, майор Илҳомжон Қаламохунов. – Ўрганишлар давомида жазони намунали ўтаб келаётганлиги, жазони ўташ даврида ҳеч қандай жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаганлиги, суд ва ИИБ томонидан юклатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажараётганлиги ва жазони ўташ тартиб-қоидаларини бузмаганлиги, яшаш ҳамда иш жойларидан ижобий тавсифланганлиги кўрсатиб ўтилган.

И. Исмоиловга оид материал Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан кўриб чиқилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган 1 йилу 4 ой жазоси муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Маълумотларга кўра, суд якунида 10 нафар назоратдаги шахслар муддатидан илгари жазодан озод этилган.