Иқтисодиёт

1 МИЛЛИАРД СЎМДАН ОРТИҚ ҚАРЗДОРЛИК КЕЧИБ ЮБОРИЛДИ


18.10.2018   715

Вилоятимизда фаолиятини қайта тиклаган 50 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг 1 миллиард 222 миллион сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди.

Пахтаобод туманида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Маҳмуджон Икромовга 2013 йилда ўтказилган қисқа муддатли текшириш натижасида 143 миллион сўмлик молиявий жарима ҳисобланган эди. У бу жаримани на тўлай олди, на фаолият юритди. Охири эшикни тамбалаб, ишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Молиявий жарима қўлланилиши натижасида 10 миллион 500 минг сўм қарз бўлиб қолган бўзлик Муножотхон Назирова ҳам фаолиятини тўхтатган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан иккала тадбиркор белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши билан қарздорлиги кечиб юборилди. Айнипайтда улар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадмирзо Нумановнинг таъкидлашича, фармон ижроси доирасида Андижонда 18 мингдан зиёд фуқароларнинг 30 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзи воз кечилишимумкин.

Фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган, жорий йил 1 апрелдан молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ ҳисобланган жисмоний шахсларнинг қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорлиги, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарзлар ҳисобдан чиқарилади.Агарқарздор 2019 йил 1 январгача тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки давлат рўйхатидан қайтадан ўтган бўлса, шундай тартиб мавжуд.

Шоҳрухбек

ЭГАМНАЗАРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси раҳбари.